Skip to main content

Bosh sahifa / Yangiliklar / Янгийўлдан янги тарихий топилма

Янгийўлдан янги тарихий топилма

Янгийўлдан янги тарихий топилма

2020 йилнинг 16 сентябр куни Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Убай Мусаев ҚФЙ, Кенгкечик маҳалласи, Наъмуна кўчаси 1-уйда яшовчи Абдувоҳид Умирзоқов ховлисида қудуқ қазиш жараёнида бир неча сопол буюмлар ва суяк наъмуналарига дуч келинади.

Бу ашёларнинг ноёблигини, тушиниб етган маҳалла фаоли, нафақадаги милиция подполковнигиХабибулла Юсупжонов топилмаларни илмий жиҳатдан ўрганишни сўраб археолог Ахмадали Асқаровга мурожаат қилади. АкадемикА. Асқаровнинг ташаббуси билан ЎзР ФА Тарих Институти (Д.Нормуродов, У.Исмоилов), ЎзР ФА Миллий археология маркази (Б.Исабеков) ва Низомий номидаги ТДПУ Тарих факультети ходимлари (Х.Матяқубов)дан иборат ишчи гурух кўрсатилган манзилга етиб боради.

Томонлари 1,7 х 1,7 м, чуқурлиги 6 м бўлган қудуқнинг ўрганилиши шуни кўрсатдики, ер сатхидан 3 м чуқурликда 3 кишига тегишли бўлган майит чалқанчасига ётқизилиб дафн қилинган. Қудуқни қазиш пайтида суяклар атрофидан 10 та сопол буюмлар кавлаб олинган. Топилмалар орасида дастаси бурама шохли қўчқор боши тасвирланган ёғлиғи (кружка), қизил ва қаймоқ рангда ангобланган дастасиз қадахлар, калта жўмракли кўзалар айниқса қимматли. Марҳумларнинг атрофига бундай осори-атиқалар билан дафн этиш одатиархеологлар томонидан ўтган асрнинг 30-40-йилларидан бошлаб бугунгача Тошкент вилоятининг қатор худудларида аниқланган. Тадқиқотларда бундай қабрлар гумбаз шаклидаги хилхона (катакомба) тузилишида бўлиб, унга диаметри 60х80 см ўлчамдаги узун йўлак – дромос орқали тушилганлиги, асосан сопол буюмлар мархумларнинг бош ва оёқ томонига қўйилганлиги исботланган.Улар фанда милоддан олдинги II асрдан – милодий VI асрлар билан даврлаштириладиган Тошкент воҳасида кенг ёйилган Қовунчиархеологик маданиятига мансуб хисобланади.Айни дамда топилганқадимий аждодларимизнинг қабр қолдиқлари ва сопол идишлариҳам Қовунчи маданиятига хос.Идишларнинг дастаси бурама шоҳли қўчқор кўринишида ясалиши одати милоддан олдинги II асрдан – милодий IV асрларда кенг тарқалган. Шунга асосланиб ишчи гурух ушбу қабр ва ундан олинган материаллар юқоридаги кўрсатилган даврларга оид деган хулосасига келдилар.

Хозирда топилмалар илмий ўрганиш учун ЎзР ФА Тарих институтига олиб келинди. Уларни тез кунда ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи музейининг “Тошкент музейи” филиалига топшириш кўзда тутилмоқда.

Ушбу ноёб топилма ҳақида илмий жамоатчиликка хабар берган нафақадаги подполковник, тарихимиз фидоийси Юсупжонов Хабибулла акага чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Left sub menu