Skip to main content

Bosh sahifa / Yana... / Ўтган кунлар!

Ўтган кунлар!

Абдурауф Фитратнинг “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” асари

Маълумки, инсоннинг тақдири, келажак ҳаётидаги ютуқлари ёки муваффақиятсизлиги, бахтли ёки бахтсизлиги, касб танлаши, ҳаттоки кайфияти, унинг оилавий муҳити билан боғлиқдир. Оиланинг тақдири эса инсоннинг ўзига боғлиқ. Жамиятнинг маънавий қиёфаси оилаларнинг қандайлигига боғлиқлиги азалий ҳақиқат. Чунки, оила жамиятнинг ижтимоий-маънавий бўғини, кичик бир вакили бўлиб, айнан оила заминида халқимизнинг бугунги куни ва келажаги бунёд этилади. Агар оилада тартиб-интизом бўлса, унинг аъзолари шу ҳислатларини хизмат жараёнига кўчиради ва ижтимоий меҳнат фаолиятларида қўллайдилар. Бу эса, уларнинг ўз хизмат вазифаларини юксак даражада бажаришларига сабаб бўлади. Оила бу одобу ахлоқ, хушмуомалалик, меҳнатсеварлик асосида қурилган бўлиши инсонлар ўртасидаги муносабат ва мулоқотларда ўта муҳим ва шахснинг феъл-атвори, юриш-туришида алоҳида аҳамият касб этади. Агар оила ўз фарзандини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбияласа, бу ҳис-туйғу унга бутун ҳаёти давомида ҳамроҳ бўлади. Мамлакатимизнииг мустақиллик даврида оилаларимизнинг ижтимоий ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ва кафолатловчи кўплаб муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинди.

Маълумки, оиланинг маънавий-ахлоқий қиёфаси аждодларимиздан бизга ўтган билим ва тажриба, маданий қадриятлар асосида ва замондошларимизэришган ютуқлари негизида барпо бўлади. Бизнинг давримиз оилаларимизга замонавий технология ва жаҳоннинг юксак тараққиётга эришган ривожланган давлатларида юз бераётган ўзгаришлар ҳақидаги тасаввур ва қарашлар ҳамда ахборотларнинг кириб қелаётганлиги билан ажралиб туради. Бироқ ўтмишимизга назар ташлайдиган бўлсак, халқимизнинг оилавий анъана ва урф-одатлари юқори маданий даражада бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу соҳада тўпланган билимлар асосида Жадидчилик харакатининг еркин намоендаси Абдурауф Фитрат оила тўғрисидаги ўз билимларини Шарқ ва Ғарб олимларининг кўплаб илмий тадқиқотлари билан танишиб чиқиш жараёнида мустаҳкамлаб, ниҳоят оила масаласида шундай мукаммал йўриқномани дунёга келтирдики, ҳозирги кунга қадар ҳам унинг долзарблиги ва аҳамияти йўқолгани йўқ.

Китоб Бухорода 1914 йили ёзилиб, 1915 йилда чоп этилган. Асарнинг ношири Мирзо Абдувоҳид Мунзим бўлган. Ўша даврдаёқ асар Марказий Осиё ва бошқа минтақаларда кенг тарқалган ва жамоатчиликнинг диққат эътиборини тортган.

Маълумки, Абдурауф Фитрат XX аср бошларидаги миллий тараққийпарвар ҳаракат бўлган Туркистон ва Бухоро жадидчилигининг кўзга кўринган вакили эди. Миллий зиёлилар ва тараққийпарвар кучларнинг мустамлака бўлган Туркистоннинг чуқур инқирозга юз тутганлигини, Россияга ярим қарам бўлган Бухоро амирлиги ва Хива хонлигининг аянчли аҳволини, уларнинг умумжаҳон жараёнларидан анча орқада қолиб кетганлигини, маҳаллий халқнинг эрк ва ҳурриятга интилишларини бўғиш сабабларини, иқтисодиёт ва маънавий ҳаётда турғунлик ва деп синиш ҳолатларини англаб етиши, уларнинг онгида жамиятни ислоҳ қилиш ғоясини пайдо қилди. Биринчи навбатда ислоҳот маданий-маиший ва маънавий ҳаётга тегишли эди. Жадидларнинг фикри бўйича, оила асосини тўғри қурмасдан ва ёшавлодни тўлақонли тўғри йўлда тарбияламасдан туриб, жамиятни ислоҳ қилиш, унинг ривожини тараққиёт сари йўналтириш мумкин эмас ва охир-оқибатда миллат тақдири унинг оиласининг ҳолатига боғлиқ. БуғояФитратнингасаридаўзифодасинитопган: «Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса, шу миллат оилаларнинг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади», ­­­–деб ёзади, у.

Фитрат асарда чуқур ва кенг билимларга асослангани боис, ўткир мутахассис сифатида фикр юритади. У инсонларга ахлоқ-одобдан сабоқ беришга, оила тутиш қонун-қоидаларини одамларга ўргатишга ҳаққи бор, зеро, бу масалада билим даражаси бўйича, у билан замондошларидан ҳеч ким тенглаша олмас эди. Истисно тариқасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳифзи сиҳати оила” («Оила соғлигининг ҳимояси») мақоласини тилга олмаслик мумкин эмас, лекин Фитратнинг китобидан сўнг чоп этилган бу мақолада муаммо фақат қисман ёритилган эди. Исломшунослик фани ва дунёвий илмлардан бохабар бўлган Фитрат асарда ҳуқуқшунос, социолог, педагог ва табиб сифатида намоён бўлади. Хусусан, у  Қуръони каримнинг 30 оятлари, ҳамда кўплаб ҳадислардан, 20 дан ортиқ ислом мутафаккирлари асарларидан фойдаланган. Шу билан бирга француз олимлари файласуф ва тарихчи Шарль Сеньобос ва социолог,иқтисодчи Поль Демар асарларини таҳлил қилиб, уларнинг хулосаларини ўринли ишлатган. У тадқиқ қилган  масалалар доираси жуда кенг бўлиб, нима учун оила қуриш керак, деган саволга жавоб беришдан тортиб то ота-она ва болалар ҳуқуқлари, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар муаммоларини ўз ичига олган. Ўқувчи эмизикли гўдак болани боқиш ва тўғри парваришлаш тизими ҳақида ҳамда она бўлишга тайёрланаётган ёш аёлларнинг ўзини қандай тутиши кераклиги, оилада тотувликда, аҳил ва иноқ яшаш учун турмуш ўртоқлари бир-бирларига қандай муносабатда бўлишлари, оила мажбуриятларини қандай тақсимлаш зарурлигини диққат билан ўқиб зарур хулосалар чиқаради.

Абдурауф Фитратнинг фикрича, фарзандни тўлақонли камол топтириб ўстириш учун унга жисмоний, ақлий ва маънавий тарбиядан иборат кўп таркибли тарбия бериш муҳимдир. Фитрат боланинг руҳияти, ота-она ва фарзанд руҳиятларининг нисбати ва ўзаро боғланиши масаласига катта эътибор берар экан, у бизнинг ҳозирги тушунчамиздаги истеъдодли руҳшунос-педагог сифатида ҳам кўринади. «Одамнинг феъл ва ҳаракатини бир яхши шакл ва мазмунга келтириш учун руҳини тарбиялаш лозим», – деб ёзади, у. «Болаларни ўзига ишонган, кучли, топқир, чаққон ва ақлли қилиб тарбиялаш учун ўз қадр-қиммати, шаънини ҳурмат қилиш руҳини тарбия қилмоқликни, шунинг билан бирга ён-атрофдаги одамлар билан ҳисоблашишни ўргатмоқ керак... Болаларни шундай тарбия этиш лозимки, бахтга бўлган интилишлари ҳеч қачон хазон бўлмасин... Ота-она болага мамнунлик ва хурсандчилик қилишни ман этмасликлари, балки ахлоққа зид бўлмаган ишлар билан мамнун ва хурсанд бўлишини қўллаб-қувватлаши керак», – дейди. Тарбиянинг ҳар бир қисмини номлаган Фитрат меҳнатсеварлик ва билим олиш тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндошади ва ота-оналари «...бу иш уларга (болаларга – Д. А.) чидам, ғайрат ва журъат этилишини, эртага бахтга эришгандан сўнг, бу бахт кечаги заҳмат натижасида юзага келганлигини тушунтиришлари лозим, шунда болалар бахт сиридан хабардор бўладилар», – деб ишонтиради.

Фитрат рисоласи инсонпарварлик ҳис-туйғулари билан йўғрилган бўлиб, айниқса, бу оилада аёллар мавқеи масаласида яққол кўринади, зеро аёл – рафиқа, фарзанд ва онадир. Фитрат аёл киши ўзига эътибор ва нозикҳислик муносабатини талаб қилувчи, оилани тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини исботлайди. Аёллар, қизлар билим олишга ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ иптилишлари лозим, зеро бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар; фарзандларнинг келажакда қандай шахс бўлиб вояга етишлари, уларга оналари нима бера олганликларига боғлиқ бўлади. Фитратнинг бу нуқтаи назари ҳозирги кунимиз учун ҳам жуда муҳимдир.

Фитрат ўз қарашларини Қуръон оятлари ва ҳадислардан далиллар келтириб тушунтиради. Асар матнида келтирилган Қуръон оятлари Абдурауф Фитратнинг эркин таржимасида мазмуни ихчамлаштирилган ва баъзан мазмун баёни шаклида берилган.Оила муаммолари ҳақида сўз юритар экан, муаллиф ўз даври ва замонига хос бўлган таълим-тарбиянинг ноўрин ва зарарли усулларидан ҳам мисоллар келтиради. Абдурауф Фитратнинг кўп фикрлари ва хулосалари ҳозир ҳам долзарб ва замонавийлигини унинг қуйидаги фикри ҳам исботлайди: «Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахтсизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ».

Ҳозирги давр кундалик ҳаётимизни назарга олганидек у: «Бу дунё кураш майдонидир. Бумайдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир», –деяуқтирган. Бугунги кунда ҳам асарнинг амалий қиммати йўқолмаган. Маънавиятимиз учун эса у ниҳоятда керакли манба ва интеллектуал мулкимизнинг ноёб бир намунасидир. 

Тарих фанлари доктори, профессор. Д. А. Алимова