Перейти к основному содержимому

Главная страница / Новости / Миллатни асраш учун кураш

Миллатни асраш учун кураш

Миллатни асраш учун кураш

Апрель ойига мўлжаллаб қўйган мақоламизнинг баҳонаю сабабларини кўнгилга тугиб, мавзуни хаёлда айлантира бошлаганимизга анча-мунча бўлиб қолганди. Унда найсонда туғилган Амир Темур, Абдулла Қодирий ва сўнгги йиллар воқелигимиз омилларини уйғунликда таҳлилламоқчи эдик. Бироқ орага суқилган “тожли оғу” (лотинчадаги “virus”, ўзбекчада “оғу”, “заҳар” деганидир) ўлароқ туғилган муҳит манзарасида унга ҳам тўхталишга жазм қилдик.

Очиғини айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатимиз ва давлатимиз борлиғи билан боғлиқ айрим масалалар ҳақида куюнаётиб, бу тасодифми ёки қонуниятми, саволини ўртага ташлаганларидан бери камина ўйларида ҳаловат йўқолган-қўйган. Негаки, юки ўта оғир бу сўроққа жавоб истаб қилинган мушоҳадаларнинг қийнови жуда қаттиқ кечмоқда. Ўйлаб-ўйлаб топганларингни тан олишдан туғилган азоб-уқубатни-ку, айтмаса ҳам бўлади.
Темурбек сичқон йилида, ҳижрий 736 йилнинг 25 шаъбон кечаси туғилгани яхши маълум. Замонавий тақвимда мазкур сана 1336 йил 8 апрелга тўғри келади. Лекин нимагадир, биздаги барча расмий, илмий ва оммабоп манбаларда 9 апрель деб келинади. Соҳибқироннинг туғилган қишлоғи масаласи ҳам илмда узил-кесил ечилган эмас.
Аниқроғи, 1993 йилга қадар ўзимизда ҳам, дунё темуршунослигида ҳам Хўжа Илғор борасида ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Ўтган аср тўқсонинчи йиллари бошларида шу чоққача кўпчиликнинг кўзидан нарида бўлиб келган бир тарихий манбадан Темурбек Ачиғи қишлоғида туғилганига оид қимматли гувоҳлик топилди. Мазкур қишлоқ бугун ҳам бор ва Шаҳрисабздан 20 — 22 км шарқда, Танхоз дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган бўлиб, уни шахсан бориб кўрганмиз.
Хўжа Илғор ҳақида маълумот қолдирган Ибн Арабшоҳ ўз асарини 1436-1437 йилларда Мисрда ёзган, бизнинг муаллиф — Муъиниддин Натанзий эса, “Мунтахаб ат-таворих”ни 1412-1413 йилларда темурийларнинг Исфахон, Ҳиротдаги саройларида битиб, аввал мирзо Искандарга, сўнг Амир Темурдан кейин ўзбек давлатини қирқ икки йил бошқарган Шоҳруҳга тақдим этган. Мана шу қисқа маълумотларнинг ўзиёқ, ҳатто манбашунослик илмидан йироқлар учун ҳам вазиятни ойдинлаштириб қўйиши аниқ...
Илмда, умуман, барча йўналишда ростлик яхши. Соҳибқирон бобомизнинг туриш-турмушдаги шиори “Рости русти” бўлганини барчамиз биламиз. Рост сўзладинг, қутулдинг, ростлик қутқаради, маъноларини берувчи мазкур қўш сўзни ҳам нимагадир “Куч — адолатда” дея ўзгартирдик-қўйдик. Ўзгартиришга-ку ўзгартирдик, аммо ўгитга амал қилмадик, кўпинча “адолат — кучда” қоидасини қўлладик. Бунинг ўзимиз учун илк исботини 1996 йили Амир Темурнинг 660 йиллигини тўй қилиш арафасида бобомизнинг туғилган ери бўйича муаммони кўтариб чиққанимизда кўрганмиз. Матбуот орқали берилган енгилроқ шапалоқ таъмини туйгач, донишмандлар маслаҳати билан бир қадам ортга ташлаганимизга ҳам чорак аср тўлмоқда. Биз-ку, майли, аммо муаммо муаммолигича қолаверди-ку?!
Амир Темурга, аслида эса ўзимизга бўлган ҳурматимиз ўлароқ мазкур масалаларни ё у ёқлик, ё бу ёқлик қилишимиз шарт. Уни яширган, кўриб-кўрмаганликка, билиб-билмаганликка олишимиздан қатъи назар, чигал ўз ерида қимир этмай тураверади. Қайси йўналишда бўлмасин, ўз вақтида ечилмаган тугун борган сайин қаттиқлашиб бораверади ва вақти-соати келиб унга қўл урилганда эса, ечим топиш анча оғир кечади. Шу маънода, “Ўткан кунлар”даги мана бу парчани эслаб, мушоҳада юритсак: “Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. ...Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Ибн Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир”.
Абдулла Қодирий худди мана шу сўзлари, улар отилиб чиққан юрагидаги миллат қайғуси учун қамалган, қийналган ва пировардида ўзини нобуд қилган. “Ўткан кунлар”дан муддао ҳам аслида Россия империяси босқини арафасидаги жамиятнинг ички аҳволини ўрганиш, кўрсатиш, хулосалаш бўлганига қаттиқ ишонамиз. Ёзувчи “Нега бу кўйга тушиб қолдик?” дея ўйларга толгани аниқ. Акс ҳолда, романчиликдаги илк уринишини яқин ўтмишнинг “энг кирлик, қора кунлари”га бағишламаган, кейинги шоҳасари “Меҳробдан чаён”да ҳам бу борадаги изланишларини давом эттирмаган бўлар эди.
Эътибор берилса, у “Темур Кўрагон каби доҳийлар...” деган. Биз эса, давлат мустақиллигимизни тиклаганимиздан салкам ўттиз йил ўтса-да, кўпинча Амир Темурни ҳануз буюк саркарда, лашкарбоши сифатида таниймиз. Ундаги ҳар томонлама чуқур билим, тенгсиз тажриба, буюк бошқарувчилик, катта ташкилотчилик, кенг қамровли фикрлаш, адолатпарварлик, илм-фан ва маданият ҳомийси сингари нодир қобилиятларни кўзимиз илғамайди. Биргина бизни эмас, ҳеч бир муболағасиз бутун оламни юз эллик йил зирқиратиб турган мўғул азобидан қутқаргани-чи?! Ўзбек давлати мустақиллигини тиклагани-чи? Ўрта денгиздан Хитой деворигача, -Москвадан Деҳлигача ястанган улкан ва маданий салтанатни барпо этгани-чи?! XV аср Уйғониш даврининг тамал -тошини қўйиб бергани-чи?!
Абдулла Қодирий деганда, ўзбек романчилигининг асосчилигини биринчи ўринга қўйиш ҳалигача борлигини яшириб ўтирмаслигимиз керак. Тўғри, мазкур омил ҳам йўқ эмас. Бироқ у, энг аввало, улуғ истеъдод эгаси, буюк сўз устаси, тенгсиз миллатсевар, оқил ва ботир, ҳалол ҳамда эътиқодли шахс бўлган. Миллати учун курашган. Сўз кетаётган замон ёзувчи ва шоирларидан, адашмасак, фақат Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг тили ҳамда қаламида Туркистон мавзуси чақмоқдек чақнаган, қиличдек кесган (Чўлпоннинг “Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин, Қуллик, асорат — барчаси ёнсин. Қур янги давлат, ёвлар ўртансин. Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин” сатрларини эслашнинг ўзи кифоя).
Шу ўринда савол туғилади: истиқлолга эришганимиздан тузуккина муддат ўтган бўлса-да, тарихий, адабий ва тил тафаккуримиз мустамлака замонасиникидан кўп ҳам қочиб кетолмаганининг сабаби нимада? Бунда яна мустамлакачиларни айблашимиз тўғрими ёки?.. Демак, ёки экан, бу тасодифми ёки қонуният!
Шу маънода, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейга ташрифи пайтида миллий етакчимиз томонидан кўндаланг қўйилган мана бу ўзига хос топшириқ ҳанузгача жамият, айниқса, зиёлилар гарданида турибди, деб ўйлаймиз: “Биз нимага бу кунларга келиб қолдик, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак!”. Ваҳолонки, Президентимиз ўша заҳотиёқ масаланинг ечимини айтганди: “ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”. Амир Темурда ҳам, Абдулла Қодирийда ҳам мана шу руҳ бўлган. Шунинг учун ҳам бирининг хотираси, иккинчисининг жони суғуриб олинган.
Юқорида тилга олинган нодир тарихий манба — “Мунтахаб ат-таворих”нинг мўғул ҳукмдори Туғлуқ Темурхоннинг 1360 йилги босқинига бағишланган бўлагида ўлчови икки оғизгина, бироқ ғоявий ва амалий аҳамияти чексиз маълумот бор. Кўпчилик жонини сақлаш ниятида юртни ташлаб кетаётган бир паллада Амир Темур амакиси Ҳожи барлосга мурожаат қилиб, шундай деган: “Агар икковимиз ҳам Ватанни тарк этсак, меросий юртимиз, шубҳасиз, бегоналар қўлига ўтиб кетади”.
Қизиқ, буюк бобомизнинг юртсеварлик ва донишмандлигидан далолат мазкур воқеа ҳам кўкламнинг ўрталарида кечган. Худди шу кундан бошлаб Амир Темур Ватан ва миллат учун курашни бошлаган. Мазкур узоқ ва оғир жараён орадан ўн йил ўтиб, 9 апрелда ўзининг мантиқий якунига етган. 1370 йилнинг худди шу кунида Амир Темур ўзбек давлати бошқарувига расман киришган. Унинг ўттиз беш йиллик, темурийларнинг юз ўттиз йиллик бошқаруви айнан шу санадан бошланганини жуда озчилик билишида бизда шубҳа йўқ. Ҳолбуки, XXI асрда ҳам айрим “илғор” миллатлар, ўтмишдагисини қўя турайлик, эндиликдаги шоҳ ва маликаларининг туғилган кунларидан тортиб тахтга ўтирган саналаригача ёддан биладилар, улар билан ғурурланадилар. Бизда-чи? Соҳибқирон тахтга ўтирганига бу йил 9 апрелда 650 йил тўлишини неча киши билар экан?!
Апрель ойида рўй берган ва Амир Темур бобомизнинг руҳияти қанчалар бой бўлганидан далолат берувчи яна бир воқеа бўлган. Нонкўр Тўхтамишхоннинг адабини бериб қўйиш мақсадида 1391 йили йўлга тушган Соҳибқирон 28 апрелда Улуғтоққа (ҳозирги Қозоғистоннинг Жезқазған шаҳридан 50 км ғарбдаги Қарсақпай кони яқинидаги Қора-мўла тоғи ёнбағрида) яқинлашган ва у ердаги тепаликлардан бирининг устига чиқиб, атрофга кўз ташлаган. Саҳро кўм-кўк гилам тўшалгандеклигини кўриб қувонган ва шу ерда тўхташга қарор қилган. Сўнг эса, катта тош келтириб минорасимон белги қуриш ва асрлар оша эслаб қолиниши учун унга, жумладан, мана бу сўзларни йўниб-битиб қўйишни буюрган: “Тарих етти юз тўқсон учинда, қўй йили ёз (кўклам) ойи ораси Туроннинг султони Темурбек уч юз минг черик билан ислом учун Булғор хони Тўхтамишхонга қарши юрди. Бу ерга етиб, белги бўлсин деб бу тепани қурди. Тангри нусрат бергай, иншооло. Тангри эл кишига раҳмат қилғай, бизни дуо била ёд қилғай”.
Ҳозирги кунда Россиянинг Эрмитажида сақланаётган ушбу тош-ёдгорлик қаерда турмасин, ўзбек миллати ва давлатининг довруғию куч-қудратидан сўйлайверади. Ахир тошга битилганни йўқотиб бўлмайди-ку! Аммо мазкур, ҳар қандай миллат кўзига тўтиёдек тенгсиз маънавий ва миллий бойликдан бугунги авлод, айниқса, ёшларимиз тўла баҳрамандлар дея оламизми? Йўқ, албатта. Хўш, шундай экан, бу тасодифми ёки қонуният? Неча-неча авлодлар тинкасини билимсизлик ва онгсизлик оғуси билан қуритишдан муддао не эди?
Шу маънода, Президентимизнинг “Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистон келажагининг бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз Ватанини юракдан севадиган истеъдод эгаларидирлар. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз. Бу мактабда миллатпарвар, ўзлигини англаган авлод камол топишига ишонаман” деган сўзларини эсламасдан бўлмайди. Яъни маънавият, миллатсеварлик, юрт учун фидойиликни шундай фазилатлар эгаларидан, уларнинг меросидан, руҳиятидан ўрганмоқ керак. Жаҳолат оғусига қарши курашнинг энг унумли дориси ҳам аслида шудир.
“Тожли оғу” бошқалар қатори бизнинг юртимизга ҳам кириб келиб, жиддий хавфга айланиши манзарасида туғилган илк фикримиз мана бу бўлганини яширмоқчи эмасмиз: тағин ҳам Яратган бизни бир асради.
Сўнгги уч-уч ярим йил ичида эсимизни йиғиб, давлат ва жамият турмушининг барча йўналишини тубдан ўзгартириш, сифат жиҳатидан янгилашга, энг муҳими, онгсизлик оғусига қарши курашга киришилмаганида эди, бугун аҳволимиз қандай кечиши фақат Ўзигагина аён. Бировнинг ит-мушук, илон-кўршапалак ейишини қўя турайлик-да, яқин-яқингача ўзимизнинг шаҳар ва қишлоқларимиз, ҳатто пойтахтимиздаги катта-кичик ариқлардаги аянчли аҳволни, оқова, жумладан, ҳожатхона чиқинди сувини оқар сувларга улаб қўйилган ҳолатларни бир эслаб қўяйлик. Яхшиям, ўз пайтида олди олиниб, тартибга солинди, акс ҳолда, юқумли касалликлар ўзимиздан чиқиб, бутун дунёга шарманда бўлишимиз турган гап эди.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар-чи?
2020 йили соҳани молиялаштиришга 14,8 триллион сўм, яъни 2016 йилдагига қараганда 2,5 марта, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилишга 1,49 триллион сўм, яъни 2016 йилдагига нисбатан 6,5 баробар, шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар харажатлари учун 102,8 миллиард сўм, яъни 2016 йилга солиштирганда 6,3 марта, тез тиббий ёрдам хизмати учун ҳар бир чақирув учун 2020 йилда 6 700 сўм, яъни 2016 йилдагига қараганда 14 баробар кўп маблағ ажратилганининг ўзиёқ анча-мунча -нарсага ишорадир. Шу қалтис кунларда соғлиқни сақлаш миллий тизимимизнинг ажралмас бўлаги сифатида “тожли оғу”га қарши баб-баробар курашаётган хусусий тиббиёт хизматига кенг ва оқилона йўл очиб берилгани-чи?
Тилга олинган омиллар қаторида 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ўтган йилиёқ ишга тушиб кетганини инобатга олиб, виждонан хулоса қиладиган бўлсак, мана бу ҳақиқат аён бўлади-қолади: агар мазкур, узоқ йиллардан бери қилиниши керак бўлган, бироқ турли важ ва баҳоналар билан пайсалга солиниб келинаётган, соҳа учун чиндан ҳам тарихий саналмиш ўзгаришларга қўл урилмаганида эди, бугун манаман деган давлатларни ҳам шошириб қўяётган “тожли оғу” балосига қарши туришимиз жуда-жуда қийин кечиши турган гап эди.
Шу билан бирга, бутун олам бошига тушган ялпи ва оғир ташвишни Ўзбекистонимиз шароитида иложи борича камроқ йўқотишлар билан енгиб ўтишимизга шахсан бизда заррача ҳам шубҳа йўқ. Нега?
Негаки, бор-йўғи уч йил ичида эркин, масъулиятли, ўз аравасини ўзи тортадиган, ўзи, фарзандлари учун ўзи курашадиган, адолатнинг борлигига ишонадиган, ҳақ сўзни айтишдан чўчимайдиган, давлатчилигида меҳр-оқибат ва миллийлик туяётган ижтимоий муҳит шаклланиб бўлди. Миллатимизнинг ўқ-ўзаги эса, айнан шу туйғу англовидандир. Президентимизнинг, ҳозирги синовли палладан кучли-қудратли бўлиб ўтишимиз, пандемия офатига қарши кураш моҳият эътибори билан миллатимизни асраш учун кураш эканлиги ҳақидаги чақириқларининг теран маъноси ҳам худди шу билан боғлиқ, деб ишонамиз. Тарих ва адабиёт эса ҳар келгуси авлод йўлини ёритувчи ўзига хос ва тенгсиз маёқдир.Азамат ЗИЁ,
тарих фанлари доктори, профессорhttp://uza.uz/oz/society/millatni-asrash-uchun-kurash-10-04-2020

Подменю слева